15 Август 2022 йил 647

Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган Бухоро шаҳрида содир бўлган «безорилик» жинояти кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Расмий саҳифаларимиз орқали аввал хабар берганимиздек, 2022 йилнинг 8 август кунидан 9 август кунига ўтар кечаси тахминан соат 23:00 ларда Бухоро шаҳар Мустақиллик кўчасида яшовчи, 2002 йилда туғилган Ш.Ш., Жондор тумани Дарвеши қишлоғида яшовчи 2001 йилда туғилган Й.Ш. ва унинг ҳамқишлоқ дўсти Р.Ж. лар, Бухоро шаҳар Саноатчилар кўчасида жойлашган «Метан» сиқилган табиий газ қуйиш шохобчаси олдида жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан фуқаро Ҳ.M. билан ўзаро жанжаллашиб, уни уриб, дўппослаб тан жароҳати етказган ҳолда безорилик жиноятини содир қилганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ш., Й.Ш. ва Р.Ж. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ж.К. нинг 277-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши бўйича гумон қилинувчиларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бугун, 15 август куни Бухоро давлат университетининг анжуманлар залида мазкур жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, унинг келиб чиқиш сабаблари ва жиноят оқибатлари вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Бобур Камолов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосарлари Эркин Сафаров, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ масъул раҳбарлари томонидан жиноят содир қилган шахслар истиқомат қилиб келаётган маҳаллалар мутасаддилари, фаол жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Масъуллар жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторларининг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижаларини танқидий таҳлил қилиб, мутасаддиларнинг ҳисоботларини тингладилар.

Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида маҳалла мутасаддилари, профилактика инспекторлари, ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар қаттиқ танқид остига олинди.

Учрашувда мазкур жиноятни вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари маҳаллаларида ҳамда меҳнат жамоаларида жиноятлар ва уларнинг оқибатларини таъсирчан муҳокама қилиб, келгусида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни олдини олиш мақсадида, “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.

Text to speech