Жиноятчиликни олдини олиш бўйича “Бухоро тажрибаси” Бухоро шаҳрининг "Раззоқ Ҳамроев" маҳалласидан бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 – 11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида “Бухоро тажрибаси”ни яратишга доир топшириқ берилган эди.
Давлат раҳбарининг ушбу топшириғи ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш Департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишларидан келиб чиқиб жиноятчиликни олдини олиш бўйича “Бухоро тажрибаси”нинг лойиҳаси ишлаб чиқилиб, манзилли ва бажариш муддатлари аниқ белгиланган топшириқ бандларига эга бўлган йўл харитаси ҳам тузилди.
Ушбу йўл харитасида белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан Бухоро шаҳридаги криминоген вазияти энг оғир бўлган “Р.Ҳамроев” номли маҳалла танлаб олиниб, мазкур маҳаллани тажриба сифатида “жиноятдан холи маҳалла”га айлантириш чоралари кўрилиши юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Бугун, 21 август куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигида “Р.Ҳамроев” маҳалласида йиғма отряд шакллантирилиб кенг қамровли профилактик тадбирлар ташкил қилинди.
Бунда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жамоат жойлари, тадбиркорлик объектлари, таълим муассасалари, ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилди.
Жараёнда узоқ муддатга кетган ва қайтиб келган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари, муқаддам судланган, пробация ҳамда профилактик ҳисобда турган шахслар билан профилактик суҳбатлар ташкил қилинди.
“Раззоқ Ҳамроев” маҳалласида бўлган бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан жиноятчиликни олни олиш борасида “Бухоро тажрибаси”нинг яратилганини, жиноятчилик салмоғи ортган "қизил" тоифадаги ушбу маҳаллада ўрганишлар олиб борилиб, ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятчилик содир этилишининг асл сабаблари, унга туртки бўлган омиллар, мавжуд камчиликларни бирма бир таҳлил қилиб, илмий ёндашув асосида аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаган ҳолда ҳудудни тез орада жиноятдан холи "яшил" масканга айлантириш кераклигини айтиб ўтди.
Жараёнда, Миллий Гвардия Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан хонадон ва савдо дўконларнинг хавфсизлигини таъминловчи замонавий қўриқлов техник воситалари ҳамда кузатув камераларининг кўргазмали намойиши ташкил этилди.
Тақдимот жараёнида юрт тинчлиги, осойишталиги ҳамда жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг мол-мулклари хавфсизлигини ишончли таъминлашда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, давлат бошқарув органлари, уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар, мулкчилик шакли турлича бўлган объектлар ва фуқароларнинг яшаш хонадонларини ишончли ва сифатли қўриқлашда, ҳудудда жиноятлар содир этилишини олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
“Раззоқ Ҳамроев” маҳалласида кенг қамровли профилактик тадбирлар давом этмоқда.