16 Август 2023 йил 810

Жиноятларни олдини олиш бўйича Бухоро тажрибасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 16 август куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов ҳузурида вилоятда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқубузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш борасида амалиётга тадбиқ этилаётган "Бухоро тажрибаси"нинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда бошқарма бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида белгилаб берган вазифаларнинг ижросини вилоятда самарали ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, бу борада келгусида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан тадбиқ этилаётган самарали лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида “Вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар орасида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар” хусусида имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандумига кўра ташкил этилган «Психологик ва социологик хизмат кўрсатиш» илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган ишлар ва уларнинг амалга ошириш механизмлари хусусида сўз юритилди.

Шундан сўнг, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник Умид Утаев томонидан тизимда коррупцияни олдини олишга қаратилган янги лойиҳа тақдимоти ҳам ўтказилди.

Унга кўра шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчилик талабларига риоя этилиши, ходимларнинг хизматга совуққонлик билан қарамасликлари, порахўрлик ва таъмагирлик ҳамда коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, ваколатдан четга чиқмаслик, фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала бўлишлари юзасидан олиб борилаётган манзилли тадбирлар батафсил тушунтирилди.

Бугунги кунда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишда тарғибот тадбирларининг самараси жуда юқори бўлиб, жиноятнинг нимага етаклашини тушунган инсон ундан тийилишга ҳаракат қилади.

Шундан келиб чиқиб бошқарма бошлиғининг ташаббуси билан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллалар ҳудудида вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар жиноятчилиги, ўғирлик ва фирибгарлик, тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар, йўл транспорт ҳодисалари, ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган турли жиноятлар, айниқса пластик карталаридан пул ечиб олиш ва ўғирлаш билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ҳамда бу турдаги жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган омиллар, туб сабаблар ҳамда уларнинг оқибатлари, аҳолининг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида "Мобил тарғибот гуруҳ" ларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Тақдимот жараёнида ушбу мобил тарғибот гуруҳлари маҳаллаларга бевосита ташриф буюриб, одамлар гавжум бўладиган жойларда Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати томонидан тайёрланган тарғибот видео роликларини намойиш қилган ҳолда, юқорида айтиб ўтилган жиноий унсурлар тўғрисида аниқ мисоллар орқали тушунтиришлар берилиб, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мумкинлиги тўғрисида ҳаэ маълумотлар тақдим этилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари лойиҳалар тақдимотидан келиб чиқиб ўз фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини билдириб, ушбу лойиҳаларни янада мукаммалаштириб республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этиш кераклиги тўғрисида кўрсатмалар берди.

Text to speech