8 Июн 2023 йил 387

Жиноятларнинг навбатдаги соҳабай муҳокамаси вилоят Халқ таълими мутасаддилари иштирокида ўтказилди

Далатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.

Зеро, мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ҳар бир раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади.

Шу ўринда, бугун 8 июнь куни вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигида вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбоноd ҳамда қатор масъуллар ва Бухоро шаҳридаги барча таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида соҳа ходимлари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олишга доир амалга оширилаётган профилактик тадбирлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Унда мактаб ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, масъул педагоглар иштирок этиб, таълим-тарбия сифатини ошириш ҳамда борада тизим мутасаддиларининг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмларига оид фикр-мулоҳазаларни билдирилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 5 ойи давомида вилоятда таълим соҳасида вояга етмаган ўқувчилар иштирокида жами 60 та ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган ходимлар томонидан 26 та жиноят ҳолатлари содир этилгани қаттиқ танқид остига олинди.

Шунингдек, соҳа ходимлари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари хусусида маъруза қилиниб, йиғилганларга фирибгарлик, ўғирлик, кибер жиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслик ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир тушунтиришлар берилди.

Учрашув давомида коррупция таълим-тарбия тизими учун энг катта хавф ва биринчи рақамли душман эканлиги алоҳида таъкидланиб, таъмагирлик, порахўрлик, товламачилик ва фирибгарлик ҳамда бошқа шу турдаги коррупцион жиноятлар, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари, жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо чоралари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Тизимда коррупцион ҳолатларни олдини олиш борасида ҳамжиҳатликда курашиш ва бу каби ҳолатларга дуч келинганда тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйишнинг соддалаштирилган тизими яратиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Жиноятларнинг бу каби муҳокамалари вилоятнинг бошқа соҳаларида Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари иштирокида давом эттирилади.

Text to speech