15 Июн 2023 йил 796

Жондорлик шахс сохта доллар купюралари эвазига икки фуқарони чув туширди

Бухоро шаҳар ИИО ФМБ томонидан берилган маълумотга кўра, номаълум шахс 2023 йил 11 июнь куни ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида Сурхандарё вилояти Қизириқ тумани “Оқжар” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Истара” деҳқон бозори таркибидаги “Қўй” бозорида соат 06:00 ларда ўзига олдиндан таниш бўлмаган Бандихон тумани “Пахтакор” маҳалласида яшовчи бошқа бир фуқаро Б.И. нинг бозорга сотиш учун олиб келган қўйларидан 8 бошини 1.600 АҚШ долларига савдолашиб, 16 дона сохта 100 долларлик пул купюраларини бериб,(жами 1.600 АҚШ доллари) 8 бош қўйларини олиб кетганлиги аниқланган.

Шунингдек, ушбу номаълум шахс ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, айнан шу куни соат 07:00 ларда ушбу бозорда ўзига олдиндан таниш бўлмаган Бандихон тумани “Зевар” маҳалласида яшовчи бошқа бир фуқаро Н.Ҳ. нинг бозорга сотиш учун олиб келган қўйларидан 14 бошини 2.600 АҚШ долларига савдолашиб, тўлов эвазига унга ҳам сохта доллар пул купюраларини берган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхандарё вилояти Қизириқ тумани ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бухоро шаҳар ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларни Бухоро вилояти Жондор тумани «Мирзаён» маҳалласида яшовчи 1985 йилда туғилган Қ.М. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди.

Ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech