29 Сентябр 2022 йил 649

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими юқори даражага кўтарилади

Мамлакатимизда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамай, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида қатор муаммолар мавжуд. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мана шу муаммолар ечими аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Хусусан, қўмита аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчиликни таклиф ва мулоҳазаларини эътиборга олиш мақсадида жойларда турли тадбирлар ўтказмоқда.

Ушбу тадбирларда депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтириляпти. Шу билан бирга, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича берилган бир қатор таклифлар эътиборга олинмоқда.

Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари, депутатлар Бухоро вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ фаолияти билан яқиндан танишди.

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг асосий принциплари, йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги давлат бошқаруви, автомобиль йўли эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, йўл ҳаракатини ташкил этишга қўйиладиган умумий талаблар, йўл ҳаракати мониторингини олиб бориш, йўл ҳаракатини ташкил этиш самарадорлигини таъминлаш, тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талаблар, капитал қурилиш объектларида йўл ҳаракатини ташкил этиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича тадбирларни амалга оширишда жамоатчилик иштироки, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича ҳужжатларга қўйиладиган умумий талаблар, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш тартиби ва йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш каби йўналишлар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича Давлат бошқаруви ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик қилиш тизимларини яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги юқори даражага кўтаришга хизмат қилади.

Учрашув давомида депутатлар томонидан кўтарилган барча саволларга соҳа мутахассисларидан батафсил жавоблар олинди.

Text to speech