“Кексалар ҳафталиги” доирасида фахрийлар кенгаши аъзолари учун Бухоро вилояти ИИБнинг “Жасорат” тарихий музейи бўйлаб саёҳат ташкил этилди
Ҳаётда кўпни кўрган, йиллар синовида тобланиб, бой амалий тажриба тўплаган фахрийларнинг ўгит ва маслаҳатлари ёшлар учун чинакам ибрат мактаби ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, ички ишлар органларида ҳам “устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш, фахрийлар ва ёш ходимлар иштирокида уч авлод учрашувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ички ишлар вазирининг жорий йил 28 сентябрь кунидаги “Ички ишлар органларида хизмат интизоми ва ходимларда ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш бўйича тарғибот гуруҳларини ташкил этиш тўғрисидаги”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда ҳам ушбу эзгу мақсад мужассамдир.
“Кексалар ҳафталиги” доирасида фахрийлар кенгаши аъзолари учун вилоят ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев бошчилигида ИИВ Бухоро академик лицейида жойлашган Бухоро вилояти ички ишлар бошқармасининг “Жасорат” тарихий музейи бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Унда ҳарбий хизматчилар ва ўқувчилар Ўрта Осиё, хусусан, Бухоронинг қадимги давлатчилик хавфсизлигидан бошлаб, бугунги кунга қадар ҳудудий хавфсизлик ва халқ осойишталиги йўлида хизмат қилган фидойилар, уларнинг фаолият йўли, ўтган ҳар бир даврнинг воқеа-ҳодисаларини ўзида мужассам этиб, узоқ тарихдан сўзловчи кўргазмалар билан яқиндан танишдилар.
Қолаверса, Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари ва аъзолари, вилоят ички ишлар бошқармаси Фахрийлар кенгаши аъзолари, ички ишлар органларида кўп йилдан буён фаолият кўрсатаётган тажрибали ходимлар ёшларга ўз тажрибалари, Ватанга муҳаббат, касбга садоқат, хизмат интизомига риоя қилиш, ҳалоллик, фуқаролар билан муомала маданияти борасида сўз борди.
Бу каби хайрли тадбирлар “устоз-шогирд” анъанасининг амалдаги ифодаси сифатида кексалар тажрибасини ёшлар шижоати билан уйғунлаштиришга, шу асосда соҳа ходимларининг қалбидаги Ватанга муҳаббат, касбга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.