21 Май 2025 йил 1560

Когон шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

Юртбошимиз томонидан мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фаол фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишни самарали ташкил этиш борасида изчил сиёсат олиб борилмоқда.

Хусусан, 2025 йил 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025 йилда Республика маҳаллаларларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1-сонли Қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсизлик муҳитини яратиш тизимини тубдан яхшилаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва профилактик чораларни кучайтириш мақсадида Бухоро вилоятида кенг қамровли тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда ҳақиқий аҳвол ўрганилиб, аниқланган муаммолар юзасидан манзилли чоралар кўрилмоқда.

Дастлаб Когон шаҳрининг Хўжабарги” маҳалласига етиб борган масъуллар ҳудудда жиноятчилик ҳолати, профилактик тадбирлар самарадорлигини танқидий таҳлил қилиб, ПҚ-1-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли Қарорларида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси юзасидан масъулларнинг ҳисоботларини тингладилар.

Ушбу маҳаллада “Бухоро тажрибаси” асосида профилактика катта инспекторларига хизматда фойдаланиш учун берилган учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар)дан фойдаланиш амалиёти ва бунда қурилманинг имкониятлари кўрсатиб берилди.

Ички ишлар бўлимида бўлган мутасаддилар маъмурий бинога кириш чиқиш Назорат ўтиш пунктида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинаётганлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш хонасида фуқаролар учун яратилган шарт шароитларни бирма-бир кўздан кечирдилар.

Навбатчилик қисмида эса “E-Material” электрон платформасига юкланган материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш, мавжуд муаммолар ва йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар таҳлил қилинди.

Ўрганиш натижалари юзасидан ўтказилган якуний йиғилишда жорий йилнинг 22–29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Муҳокама давомида ўтган даврда Когон шаҳрида қайд этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг содир этилиш омиллари, жиноятларнинг шахслар тоифалари кесимида таҳлил этилди. Шу асосда жиноятчиликни камайтириш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирининг алоҳида Фармойиши асосида Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган "Қорадори-2025" ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг фармойиши асосида ўтказилаётган “Назорат” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида Когон шаҳрида  амалга оширилган ишлар ва дастлабки натижалар ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Йиғилишда иш натижалари паст бўлган бир қатор масъулларга нисбатан интизомий таъсир чораларини кўриш, юқори самара кўрсатган ходимларни рағбатлантириш юзасидан киритилган таклифлар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда тизимда коррупцияга нисбатан муросасизликни кучайтиришга доир манзилли кўрсатмалар берилди.

Когон шаҳрида ўтказилган мазкур ўрганиш тадбирлари нафақат мавжуд ҳолатни таҳлил қилиш, балки тизимдаги самарадорликни ошириш, профилактик чораларни кучайтириш, жиноятчиликнинг олдини олишда янги технологиялар ва ёндашувларни жорий этиш борасида муҳим аҳамият касб этади.

Бундай тизимли ва манзилли ўрганишлар Бухоро вилоятининг қолган шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом эттирилади.

Text to speech