15 Июл 2023 йил 491

Бухорода ноқонуний ер олди-сотдиси билан боғлиқ фаолият билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди

Когон тумани Қишлоқ хўжалик бўлими масъул ходими, Бухоро туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Қ.О. исмли шахс ҳамда «Нурафшон» МФЙ ҳоким ёрдамчиси, 1993 йилда туғилган Т.Б. лар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бошқа бир фуқарони алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, ваколатли танишлари орқали, унга Когон тумани ҳокимлиги захирасида турган, «Ўртачўл» маҳалласи ҳудудида жойлашган бўш ер майдонларидан 40 гектарини аукцион савдолар орқали олиб бериш эвазига 10 минг АҚШ долларини пора тариқасида беришга далолат қилган.

Жорий йилнинг 11 июль куни Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу жиноий гуруҳнинг Бухоро тумани Кўчкамар қишлоғида жойлашган “Автомобилларни ювиш шохобчаси” олдида келишилган пулдан 5 минг АҚШ долларини фуқаро И.А. орқали олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар Қ.О. ва Т.Б. ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми ҳамда 28 орқали 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech