3 Июн 2023 йил 442

Когон туманида содир этилган оғир тан жароҳати этказиш билан боғлиқ жиноят кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Аввал хабар берганимиздек, вилоят ИИБ масъуллари ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир, жиноятлар кўп содир этилган «қизил» тоифали маҳаллаларга бориб, жиноятчилик ҳолатини жойида муҳокама қилиб бормоқда.

Жумладан, жиноятчиликнинг навбатдаги «маҳаллабай» муҳокамаси Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев томонидан вилоят ИИБ мутасаддилари, туман ҳокими, қатор масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Когон тумани «Б.Нақшбанд» маҳалласида ўтказилди.

Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар бирорта ҳам жиноят содир этилмаган бўлиб, аммо куни кеча одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш билан боғлиқ жиноят содир этилиб, ушбу маҳаллада криминоген вазият оғирлашган.

Бошқарма бошлиғининг ўринбосари томонидан масъуллар иштирокида ўтказилган муҳокама жараёнида маҳаллада содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.

Хусусан, жорий йилнинг 29 май куни соат 22:30 ларда Когон тумани «Сорғун» маҳалласида яшовчи, 2002 йилда туғилган A.Л. исмли эркак туманнинг «Б.Нақшбанд» маҳалласи Кулолон қишлоғида жойлашган мини футбол майдончасида ўзаро футбол ўйини вақтида маҳалладоши, 1996 йилда туғилган Ҳ.O. исмли таниши билан жанжаллашиб, жанжал вақтида унинг юз соҳаси ва танасининг дуч келган жойига уриб, тепиб, оғир тан жароҳати етказиши натижасида фуқаро Ҳ.O. воқеа жойига вафот этгани ҳолатининг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.

Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сектор раҳбари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа мутасадди идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.

Маҳаллада келгусида оғир ва ўта оғир турдаги, айниқса оила турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш мақсадида, «фуқаробай», «оилабай» ва «хонадонбай» тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий Ички ишлар бўлимининг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини кенг йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Text to speech