25 Ноябр 2022 йил 785

Когонда банкир имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган

Когон шаҳар Ички ишлар бўлими тергов бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида яшовчи 1983-йилда туғилган «Микрокредитбанк» АТБ Когон Банк хизматлари мутахассиси лавозимида ишлаб келган шахс, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрьдаги ПҚ-4498-сонли “Ҳар бир оила-тадбиркор дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида «Микрокредитбанк» АТБ Когон БХМ билан тузилган 2020 йил 14 сентябрьдаги 187-сонли кредит шартномасига асосан, Когон туманида истиқомат қилувчи бир фуқарога ажратилган 30.000.000 сўм ижтимоий кредит маблағларини ҳужжатлаштириб бериш жараёнида, солиқ тўлови ва бошланғич тўлов сифатида деб 4.700.000 сўм талаб қилиб, алдов йўли билан ушбу пулларни қўлга киритган.

Шунингдек, у яна бир фуқарога «Микрокредитбанк» АТБ Когон БХМ билан тузилган 2020 йил 9 ноябрьдаги 277-сонли кредит шартномасига асосан расмийлаштирилган 22.500.000 сўм микроқарз маблағларидан 1.800.000 сўм ортиқча тўловни алдов йўли билан ундириш орқали қўлга киритган.

Бундан ташқари у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна бир фуқарони алдаб ва ўзига бўлган ишончини суиистеъмол қилиб, «Микрокредитбанк» АТБ Когон БХМ билан тузилган 2021 йил 12 январьдаги 2-сонли кредит шартномасига асосан ажратилган 30.000.000 сўм ижтимоий кредит маблағларини ўзи тўлаб беришини айтиб қўлга киритиб, ушбу кредитдан 15.000.000 сўмини тўлаб, қолган 15.000.000 сўм пулларни тўламасдан, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, банк хизматлари мутахассиси бўлган ушбу шахснинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech