Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузган шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан қўшимча расмий маълумот
Бухоро вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида, Жондор туманида яшовчи, 2007 йилда туғилган З.М. жорий йилнинг 13 май кунидан 12 ноябрь кунига қадар “Binance” платформаси (Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган) орқали крипто-активлар айланмаси билан қонунга хилоф тарзда шуғулланганлиги аниқланган.
Жумладан, З.М. онасининг номидаги электрон почта манзили ва телефон рақам орқали “Binance” платформасидан рўйхатдан ўтган ҳолда “M....n_...0” номи билан ҳисоб рақами очиб, 7 ой давомида платформада жами 34 млрд. сўм атрофидаги маблағларни “р2р” (картадан картага) кўринишида “USDT” крипто-активга ноқонуний олиш–сотиш орқали мингдан ортиқ номаълум ҳисоб рақамларга йўналтириб келган.
З.М.нинг ҳисоб рақамида ноқонуний айланган маблағларнинг аксарият қисми пенсия пуллари, ойлик, онлайн кредит сифатида фуқароларнинг банк карталарига тушган электрон маблағлар эканлиги тўғрисида дастлабки маълумотлар аниқланган бўлиб, бу борада текширувлар ўтказилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар огоҳ бўлинг! Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик мавжуд.
Азиз ота-оналар фарзандларимиз тарбиясига бефарқ бўлмайлик, уларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишларидан асрайлик. Ички ишлар органлари бу борада аҳолимизга туну-кун кўмаклашишга тайёр.
Маълумот учун, қонунчиликда 2023 йил 1 январдан бошлаб крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни миллий провайдерлар орқали амалга ошириш мумкинлиги белгиланган.