Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлардан холи ҳудудга айлантириш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида Когон туманида қандай манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда
Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январьдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан Когон туманида манзилли ва кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Тадбир доирасида дастлаб Ички ишлар бўлими навбатчилик қисмида бўлган масъуллар “Е-material” электрон платформасига келиб тушаётган кундалик материаллар, уларни кўриб чиқиш ҳамда қонуний қарорлар қабул қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, платформанинг қулайликлари, имкониятларини бирма-бир таҳлил қилиб, аниқланган муаммолар ва тизимли камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли кўрсатмалар бердилар.
Кейинги манзил “Геофизика” маҳалласида жиноятчилик ҳолати, мавжуд муаммолар, профилактик тадбирлар самарадорлиги атрофлича таҳлил қилинди. ПҚ-1-сонли қарор ва Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ушбу маҳаллада замонавий технология — учувчисиз учиш қурилмалари (дронлар)дан фойдаланиш тажрибаси ҳам ўрганилди. Қурилма орқали амалга оширилаётган кузатув ишлари, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва ушбу технологиянинг афзалликлари муҳокама этилди.
Шу билан бирга “Геофизика” маҳалласининг “Шарқ” кўчасида жойлашган “Намунали хавфсиз кўча” ҳамда “Намунали хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар жойида ўрганилди.
Ўрганиш якунлари бўйича ташкил этилган йиғилишда март ойида вилоятда ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ҳамда “Қорадори – 2025” профилактик тадбирлари доирасидаги ишлар танқидий таҳлил этилди. Жиноятларнинг сабаблари, уларга таъсир қилувчи омиллар ва уларни содир этган шахслар тоифалари аниқланиб, таҳлилий хулосалар чиқарилди.
Йиғилишда иш натижалари паст бўлган бир қатор масъулларга нисбатан интизомий таъсир чораларини кўриш, юқори самара кўрсатган ходимларни рағбатлантириш юзасидан киритилган таклифлар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда тизимда коррупцияга нисбатан муросасизликни кучайтиришга доир манзилли кўрсатмалар берилди.
Қарор ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бу каби тадбирлар босқичма-босқич ўтказилиши режалаштирилган.