14 Май 2025 йил 1827

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш борасидаги ишларнинг навбатдаги ўрганиш тадбирлари Вобкент туманида ўтказилди

Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда ўтказилаётган навбатдаги ўрганиш тадбирлари Вобкент туманида давом эттирилди.

Дастлаб, "Чармгарон" маҳалласида “еттилик” аъзолари иштирокида, ПҚ-1-сонли қарор ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 801-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида маҳалладаги жиноятчилик ҳолати, профилактик тадбирлар самарадорлиги, мавжуд муаммолар ва тизимли камчиликлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Дўстлик маҳалласининг Дўстлик ва Аҳмад Дониш кўчаларида амалга оширилган “Намунали хавфсиз кўча” ҳамда “Намунали хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди.

Ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда, жорий йилнинг 22–29 март кунлари Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан вилоятда ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари ва улар юзасидан берилган топшириқлар ижроси, республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” ҳамда “Қорадори – 2025” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида туманда амалга оширилган ишлар натижалари бирма-бир муҳокама қилинди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда аниқланган камчиликлар юзасидан масъул соҳа раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга таъсир қилувчи омиллар, жиноят турлари ҳамда жиноят содир этган шахслар тоифалари таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Якунда иш натижалари паст бўлган бир қатор масъулларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш ҳамда юқори кўрсаткичларга эришган 5 нафар ходимларни рағбатлантириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиб, тизимда коррупциоген ҳолатларга нисбатан муросасизлик туйғусини кучайтириш борасида манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мазкур ўрганиш ишлари қолган туман ва шаҳарларда ҳам давом эттирилади.

Text to speech