“Маҳаллабай” ишлашнинг янгича тизими Когон тумани Сорғун маҳалласида амалга оширилмоқда
Бухоро вилояти Когон тумани “Сорғун” маҳалласида Тошкент вилояти Оққўрғон тумани тажрибаси мисолида “маҳаллабай” ишлашнинг янгича тизими асосида аҳоли муаммолари ва ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзолари туман ҳудудини маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишишмоқда. Аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва маҳаллалардаги ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу жараёнда асосий эътибор оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, сурункали касалликларга чалинган ва ногирон, боқувчисини йўқотган фуқароларни қийнаётган масалалар ечимига қаратилмоқда. Вилоят 3-сектор, Ички ишлар ҳамда Солиқ бошқармаларининг масъул раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ бевосита туманнинг 3-секторига қарашли маҳаллалар, жумладан чекка ҳудудлардаги қишлоқларда бўлиб, ўша ерда маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллар билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар, хусусан куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарликнинг аҳволи, мавсумни беталафот ўтказиш, бунда айниқса аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, кўмир етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, мавсум давомида электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш ҳамда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказмоқда.
Бу каби ўрганиш ишлари вилоятнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманлари ҳамда барча шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларда давом эттирилмоқда.