1 Сентябр 2025 йил 375

Мамлакатимиз бўйлаб “Ватан учун, Миллат учун, Халқ учун!“ шиори остида кенг миқёсда нишонланаётган Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрам муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ҳам тантанали тадбир бўлиб ўтди

Тадбирда Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти, шахсий таркиби, фахрийлар ҳамда вилоят Жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашдилар.

Тантанали тадбирни олиб борган Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Икромжон Турсунов, Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимиз осойишталиги, маҳаллаларимизнинг фаровонлиги, халқимиз хотиржамлиги ҳамда ҳар бир фуқаронинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишда шу юрт қалқониман дея хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб ўтди.

Бугунги тинч ва осойишта кунларда байрамни шодиёна билан нишонлаётганимизга, ўз вақтида мустақилликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка барҳам бериш йўлида жон фидо этган ходимларнинг, ўз умрини соҳа ривожига бахшида этган фахрийларнинг хизматлари катта эканлиги юксак эътирофларга сазовор.

Айни вақтда ҳам сафдошларимиз жойларда байрам тадбирларини муносиб нишонлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида туну-кун сергак ҳолда хизмат фаолиятларини давом эттиришмоқда.

Тадбир давомида жамоат тартибини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, юрт тинчлигини муҳофаза қилишда жасорат ва фидойилик кўрсатган, шунингдек, соҳада кўп йиллик самарали меҳнати ва ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муносиб ҳисса қўшган Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Икромжон Турсуновга «Мардлик» ордени Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тантанали равишда шахсан топширилгани алоҳида эътироф этилди.

Маросим жараёнида Давлат раҳбарининг Фармонига асосан юксак мукофотга сазовор бўлган, Бухоро вилояти Жондор тумани ИИБ бошлиғи подполковник Абдухалил Носировга “Содиқ хизматлари учун” медали билан мукофотланганлиги ҳам алоҳида эътироф этилди.

Тадбирда, садоқатли хизмат фаолияти билан алоҳида намуна кўрсатаётган бир қатор ходимлар Ички ишлар вазирининг, шунингдек, идоралараро ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан идоравий кўкрак нишонлари, юксак унвонлар ва қимматбаҳо совғалар билан ҳам тақдирландилар.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан муносиб кўрилган 95 нафар ходимлар мукофотланди. Уларга 1-2-3-даражали “Бенуқсон хизматлари учун”, “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони, “Фахрий ёрлиқ”, “Эсдалик қўл соати” ҳамда китоблар жамланмаси тантанали топширилди.

Тадбир давомида бир нафар ходимга «полковник» махсус унвони, яна бир нафар ходимга рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин «подполковник» махсус унвони берилди.

Маросимда соҳа фахрийлари, Жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда мукофотланган ходимлар сўзга чиқиб, бу байрамнинг ички ишлар органлари тизимидаги аҳамияти бениҳоя мислсиз эканлигини айтиб ўтишди. Қолаверса бугун давлат раҳбари томонидан тизимга ва ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига кўрсатилаётган эътибор ички ишлар органларининг ҳар бир вакили учун юксак фахр ифтихор бағишлаши эътироф қилинди.

Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилаётган тантанали тадбирлар шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида ҳам давом эттирилмоқда.

Text to speech