Мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигидаги ғалла ўрим-йиғим тадбирлари давомида йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, бошоқли дон маҳсулотларининг талон-тарож қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш муҳим вазифа
Бугун, 28 май куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида "Ғалла - 2025" тадбирларини намунали ташкил этиш, жамоат тартиби, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек далаларда етиштирилган доннинг талон-тарож қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш масалаларига доир кенгайтирилган тезкор йиғилиш ўтказилди.
Миришкор деҳқонларимиз томонидан не-не машаққатлар билан экиб етиштирилган, халқимизнинг ризқи-рўзи бўлган донни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш, ўриб олинган маҳсулотларни хавфсиз ташиш, бунда турли талон-торожликларга йўл қўймаслик борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қатор манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Видеоконференцалоқа тизими асосида ўтказилган йиғилишда Ички ишлар ҳамда Фавқулотда вазиятлар бошқармалари раҳбарияти, тегишли соҳавий хизматлар ва ўрта бўғин раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда ФВБ масъуллари иштирок этди.
Бугунги кунда пишиб етилган донни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш, ўриб олинган маҳсулотларни хавфсиз ташиш, бунда турли талон-торожликларга йўл қўймаслик борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган манзилли тезкор ҳамда профилактик тадбирлар юзасидан топшириқлар берилди.
Бундан ташқари дон қабул қилиш масканларида ҳам хавфсизликни таъминлаш, ғалла ўрим-йиғим ишларининг тўғри ташкил қилиш, тадбирга жалб этилган куч-воситаларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, техник кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилган ғалла ўрим комбайнлари, дон ташиш учун мўлжалланган юк машиналари ва бошқа техникаларнинг талафотсиз ишлашини доимий назоратга олиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.