10 Март 2023 йил 471

Маст ҳолда автомашина бошқарган ҳайдовчи ЙПХ инспекторига пора таклиф қилди

Бир фуқаро ЙҲХБ инспекторига спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобиль бошқариб, йўл ҳаракати қоидабузарлигини содир этганлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинани жарима майдончасидан чиқариб бериш эвазига 100 АҚШ доллари миқдорида пора беришни таклиф қилади.

Инспекторнинг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига ёзган билдиргиси асосида 2023 йил 6 март куни тахминан соат 11:40 ларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Когон шаҳрида жойлашган автомобиль майдончасида фуқаро инспекторга 100 АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Унутманг!

Пора бериш ҳам, пора олиш ҳам жиноят ва ҳар иккала ҳолатда ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида бир хил жазо белгиланган.

Шундай экан, ҳар биримиз жамиятда учрайдиган ҳар қандай коррупцион ҳолатларга қарши биргаликда курашайлик.

Text to speech