12 Июн 2022 йил 514

Мурожаат ва ечим: Бухоро туманидаги 44-сонли умумий ўрта таълим мактабининг қўшимча биносига тамал тоши қўйилди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 апрель куни вилоят 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Бухоро тумани «Боғидашт» маҳалласи ёшлари билан ўтказган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да фуқаро Насим Сайфиев ҳудудда жойлашган 44-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқувчи сиғими кўплиги бироқ, таълим маскани биноси қувватининг бунга жавоб бермаслиги учун қўшимча янги бино ҳамда спорт майдончаси қурилишида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати юзасидан қисқа фурсатда амалий ишлар бошлаб юборилди.

Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”.

Ёш авлодга замонавий, сифатли таълим бериш, Ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшадиган ёшларни тарбиялаш мақсадида “Таълимга эътибор – келажакка эътибор” тамойили асосида ҳудудларда амалга оширилаётган бир қатор ислоҳотларнинг бунинг ёрқин далилидир.

Бугун, 12 июнь куни вилоят Ички ишлар ва Солиқ бошқармалари бошлиқлари ҳамда вилоят мутасадди ташкилот ва туман сектор раҳбарлари биргаликда ушбу мактаб учун қуриладиган қўшимча бинога тамал тоши қўйдилар.

Маълумот ўрнида: мазкур 44-сонли умумий ўрта таълим мактаби 180 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир унда 234 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бунда, ўқувчилар учун синф хоналари етишмаслиги оқибатида юзага келган ноқулайликларни бартараф этиш ҳамда ёшларнинг талим олиши учун зарурий қулай шароит яратиш мақсадида 2 қаватли, 4 та синф хонадан иборат, 120 нафар ўқувчи сиғимига мўлжалланган янги бино қурилишига старт берилди.

Text to speech