11 Феврал 2023 йил 531

Назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишига йўл қўймаслик зарур

Жорий йилнинг 10 февраль кун Бухоро вилояти ИИБда бошқарма бошлиғи полковник Шухрат Алиев бошчилигида ўтган 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пробация бўлинмалари томонидан амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, шунингдек, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоят пробация бўлими шунингдек, шаҳар-туман ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимлари ҳамда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлим, бўлинма бошлиқлари иштирок этишди.

Дастлаб ўтган давр мобайнида пробация хизмати томонидан амалга оширилган ишлар, фаолият давомида йўл қўйилган айрим хато ва камчиликлар бирма-бир кўрсатилиб, ушбу камчиликларга йўл қўйган пробация бўлинмалари ходимларининг фаолияти танқидий баҳоланди.

Хусусан, назорат остидаги шахслар билан ўтказиладиган профилактик тадбирларни етарли даражада ташкиллаштирмаганлиги, назоратдагиларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касбга йўналтириш, ўқитиш ва муайян фойдали меҳнат билан шуғулланишларини таъминлаш борасида зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмаганлиги оқибатида назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги борасида қаттиқ эътироз билдирилди.

Шунингдек, назорат остидаги шахсларнинг оилавий аҳволи, яшаш ва турмуш шароити билан яқиндан танишиш, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ўз вақтида ҳал қилиш чораларини кўриш, айниқса, муайян касбга эга бўлмаган назоратдагиларни қайта касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш орқали уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, якка тартибдаги профилактик тадбирларни кучайтириш борасида зарурий кўрсатмалар берилди.

Text to speech