28 Июн 2025 йил 213

"Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остида ўтказилаётган "Ёшлар ойлиги" доирасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирокида ташкил этилган "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ёш ходимларнинг қатор ташаббус ва таклифлари рўёбига хизмат қилди

Ҳар қандай давлатнинг келажагини маънан етук, жисмонан соғлом ва интеллектуал салоҳиятли ёшлар белгилайди. Зотан, ёшларга эътибор мамлакатимиз келажагига бўлган эътибордир. "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" шиори остида ўтказилаётган "Ёшлар ойлиги" доирасида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ушбу мақсадларга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясини жўр овозда ижро этиш билан бошланган тадбирда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, соҳавий хизматлар раҳбарлари, тизим фахрийлари, вилоят ички ишлар органларида хизмат фаолиятини олиб бораётган ёш ходимлар, Бухоро вилоятидан жамланган Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққан бошқарма бошлиғи бугунги кунда Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг кўламли имкониятларни алоҳида эътироф этиб, ички ишлар органларида ёш кадрлар учун нафақат хизмат шароитлари бўйича, балки уларнинг маънавий ва интеллектуал жиҳатдан ривожланиши учун ҳам етарли имкониятлар яратилаётганини, натижада эса эркин фикрлайдиган, ташаббускор, масъулиятни ўз зиммасига оладиган, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш, спорт, илм-фан, санъат соҳаларида ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшиб келаётган ёш ходимларнинг сони ортаётганини алоҳида таъкидлади.

Тадбирнинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири — бу фахрийлар билан бўлган мулоқот бўлди. Улар ўз ҳаёт ва хизмат тажрибалари орқали ёшларга фидойилик, халқпарварлик, қонун устуворлиги, касбга садоқат каби қадриятларни етказишди. Бу эса ёш ходимларнинг маънавий-ахлоқий руҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Бошқарма бошлиғи ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, хизмат фаолияти билан боғлиқ муаммолар билан тўғридан-тўғри раҳбарга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳар бир саволга тўлиқ жавоб бериб, аниқланган муаммолар юзасидан галдаги вазифалар белгилаб олинди.

"Раҳбар ва ёшлар" учрашуви давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, ички ишлар органларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишдаги фаол иштироки учун ҳамда “30 -июнь – Ёшлар куни” муносабати билан бир гуруҳ ходимлар мукофотландилар.

Шу билан бирга, "Ёшлар ойлиги" доирасида Республика ҳамда вилоят миқёсида ўтказилган маънавий-маърифий кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришган ёш ходимлар ҳам тақдирландилар.

Ўз хизмат вазифасига ситқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота оналарига ҳам ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

"Раҳбар ва ёшлар" учрашуви вилоят Маданият бошқармаси томонидан ташкил этилган концерт дастури билан давом этди. Хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

"Раҳбар ва ёшлар" учрашуви нафақат тантанали тадбир, балки амалий аҳамиятга эга тарбиявий мактаб вазифасини ўтади. Бундан ташқари ёшларнинг ташаббус ва фикрларини эшитиш, уларга ишонч билдириш, руҳлантириш ҳамда мамлакат келажаги учун масъулиятни улар билан бирга бўлишишга қаратилган муҳим қадамдир. Давлат ва жамият барқарорлиги, тинчлик ва осойишталикни таъминлашда замонавий билим ва малакага эга бўлган, Ватанпарвар, қонуниятли ва фидойи ёш кадрлар тарбияси энг асосий омиллардан биридир. Шундай экан, бу каби учрашувларнинг кўпроқ ташкил этилиши ва мунтазам равишда ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Text to speech