Ноҳақ қатағонга учраган Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг номларини тиклаш мақсадида Бухоро Давлат университети ҳузуридаги "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида берилган концептуал фикрлар ва топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ноҳақ қатағонга учраган Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларининг номларини тиклаш ва ёш авлодга етказиш орқали уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Собиқ иттифоқ тузуми даврида ноҳақ қатағон қилинган Ички ишлар органлари ходимларига бағишлаб тайёрланаётган китоб, ҳамда ҳужжатли филм учун маълумотлар тўплаш мақсадида, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, фахрийлар ҳамда тарихчи олимлардан иборат ишчи гуруҳи тузилди.
Ишчи гуруҳи аъзоларига қатағон қурбони бўлган Бухоро вилояти ички ишлар органлари ходимларини номма-ном аниқлаш ҳамда аниқ рўйхатини шакллантириш, қатағон қилинган ходимларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни, архив ва музейларда сақланаётган ҳужжатларни, жумладан фото ва видео материаллар ҳамда уларнинг нусхаларини тўплаш ва ўрганиш ишлари билан шуғулланишмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзоларига қатағон қурбони бўлган ходимларнинг авлодлари ва яқинлари ўша давр воқеаларини чуқур биладиган кишиларнинг хотираларини ёзиб олиш, оилавий архив ва кутубхоналарда сақланаётган тарихий материалларни ноёб суратларни тўплаш, кейинчалик вилоят Ички ишлар органлари музейида қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган экспозиция ташкил этиш каби вазифалар юкланди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган йиғилишда Бухоро Давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори доцент Азалшоҳ Ҳамроев билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бошқарма бошлиғи ўринбосари, шахсий таркиб иштирокида ўтказилган йиғилиш иштирокчиларга қатағон қурбони бўлган Бухоро халқ Республикасининг биринчи ички ишлар халқ нозири Мухтор Саиджонов унинг меҳнат фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.
Имзоланган меморандум асосида бу борадаги ишлар давом этмоқда.