Обод ва хавфсиз маҳалла — қўшма қарор доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириғига асосан 2023 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан “Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланган.
Мазкур қарордан келиб чиқиб бутун республикада бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида кенг кўламли профилактик тадбир олиб борилмоқда.
Бугун, 4 сентябрь куни Бухоро вилояти прокурори Махмуд Истамов ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳузурида Бухоро шаҳрида 10-сон қўшма Қарор юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокамаси ўтказилди.
Муҳокама йиғилишида Бухоро шаҳар сектор раҳбарлари, прокуратура, ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизмат вакиллари, шунингдек, бошқа тааллуқли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирок этишди.
Бунда, ҳудудларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш борасида сўз юритилди.
Шунингдек, маҳаллада фаолият олиб борувчи «бешлик» вакиллари маҳалла раиси, профилактик инспектори, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчисининг узвий ҳамкорлигини йўлга қўйган ҳолда иш самарадорлиги эришиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш сўнгида қарор доирасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.