19 Май 2023 йил 2692

«Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисидаги қўшма қарор мазмун-моҳиятини соҳа ходимларига тушунтириш мақсадида Республика идоралараро ўқитиш гуруҳи томонидан вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманлари бўйлаб ўқув семинарлари ташкил этилди

Жамият оилалардан, юрт эса маҳаллалардан таркиб топади. Оилалар тинч, маҳаллалар фаровон бўлса мамлакат обод бўлади.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисидаги қўшма қарор мазмун-моҳияти ҳамда бу борада маҳалладаги “бешлик” вакиллари билан ўзаро манзилли ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишга қаратилган ва ижтимоий профилактика чораларига асосланган янгича ишлаш тизими жорий этилди.

Топшириқлар ижроси юзасидан Президент Администрацияси масъуллари бошчилигидаги Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг 19-22 май кунлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар-туманлари бўйлаб маҳаллалар “бешлик” вакиллари иштирокида ўқув машғулотлари ўтказилиши белгиланган эди.

Маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг узвий ҳамкорлигини оширишга қаратилган семинарнинг илк кунида вилоятнинг Бухоро ва Когон шаҳри ҳамда Когон, Қоровулбозор, Ғиждувон, Вобкент ва Шофиркон туманларида машғулотлар ўтказилиб, қўшма қарор ижроси юзасидан ҳудудларда олиб борилаётган режали ишлар бирма-бир муҳокама қилинди.

Учрашувда Республика идоралараро ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар ҳамда ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан профилактика инспектори рўйхатига киритилганлар билан якка тартибдаги профилактик чора-тадбирларни манзилли амалга ошириш борасида сўз юритилди.

Ўзаро қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтган семинар машғулотлари қўшма қарорда тегишлилиги бўйича 14 тоифага ажратилган ҳолда маҳалладаги “бешлик” вакилларига бириктирилган низоли оилалар аъзолари, узоқ вақт давомида ўзаро низо ва адоватда бўлиб келаётган, фарзанд тарбиясига бефарқ муносабатда бўлаётган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи, судхўрлик билан шуғулланувчи, қонуний никоҳсиз яшовчи, бандлиги таъминланмаган меҳнатга лаёқатли бўлган ҳамда жазони ижро этиш муассасасидан озод этилиб, кўмакка муҳтож шахсларга профилактик таъсир кўрсатиш ва уларни ижтимоий мослаштиришга доир фаолиятнинг функционал мажбуриятлари батафсил тушунтирилиб, зарурий кўникмалар берилгани билан аҳамиятли бўлди.

Бу каби ўқув, семинар-тренинг машғулотлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

Text to speech