Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамда инспектор психолог ҳамкорлигини йўлга қўйган ҳолда ёшлар жиноятчилигига қарши курашиш зарур
Бугун, 18 сентябрь куни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Шофиркон туманидаги 11 сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчи ёшларнинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шароитларни кўздан кечириб, вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Бошқарма бошлиғи ёшлар таълим тарбияси энг муҳим масала эканлигини таъкидлаб, таълим даргоҳларида келажагимиз эгаларининг билим олиши учун замонавий стандартлар асосидаги ўқитиш тизими ташкил қилиш борасида тегишли масъулларга ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларнинг фирибгарлик, ўғирлик, гиёҳвандлик ва кибер жиноятчилик қурбонига айланиб қолмаслиглари бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтириш борасида туман ИИБ масъулларига тегишли топшириқлар берилди.
Натижага эса "Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамда инспектор психолог" тамойили асосида ҳамкорликдаги ишларни йўлга қўйган ҳолда эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди.