3 Июн 2024 йил 1085

Ҳокимлик соатида ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар ҳам муҳокама қилинди

Бугун, 3 июнь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган ҳокимлик соатида иштирок этиб, ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан нутқ сўзлаб, мазкур соҳада олиб борилган ишлар ва йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликларга тўхтатилди.

Бошқарма бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2833-сонли Қарори ҳамда 2021 йил 29 ноябрьдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 27-сонли Фармонига асосан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида фаолият олиб борувчи барча ваколатли органлар, жамоат ташкилотларининг масъулиятини кучайтириш, амалга оширилаётган ишлар юзасидан уларнинг ҳисобдорлигини ошириш борасида ўзининг бир қатор тавсия ва таклифларини берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари томонидан 2023 йил 30 март куни қабул қилинган “Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги қўшма Қароридан келиб чиқиб, ижтимоий профилактикани амалга оширувчи субъектларнинг бугунги кунда олиб бораётган фаолияти, маҳалла еттилигининг иш натижаларини танқидий таҳлил қилиб, мазкур йўналишда ҳам ишларни манзилли ташкил этишнинг механизмлари юзасидан ўзининг қатор таклифларини билдирди.

Бошқарма бошлиғи ўз сўзида яна бир муҳим жиҳат, маҳаллаларни рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб, ҳудудларни камералаштириб профилактика инспекторларининг хизмат хоналарига интеграция қилиш, шу жумладан, янги қурилаётган бино, иншоотлар, кўп қаватли уйлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларда хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида, уларни ҳам замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозлашни алоҳида назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, маҳалла еттиликлари ва сектор раҳбарлари томонидан аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, энг асосийси боқимандалик кайфиятига тушиб қолган фуқаролар билан алоҳида ишлаш борасида ҳам чора тадбирлар белгилаш зарурлигини айтиб ўтди.

Бугунги кунда вилоятда мавжуд 544 та маҳалланинг "қизил тоифали" 41 та ҳамда 3 йилдан буён "қизил тоифадан чиқмай келаётган 26 та маҳаллаларнинг "еттилик" вакиллари, сектор раҳбарлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, ушбу маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан холи ҳудудга айлантириш, уларни "яшил тоифага" ўтказиш борасида алоҳида чора-тадбирлар ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш борасида ҳам ўзининг таклифларини илгари сурди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов томонидан ҳокимлик соатида кўтарилган барча масалалар ва уларнинг ечими юзасидан билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар инобатга олиниб, йиғилиш баённомасига киритилди ва ижроси алоҳида назоратга олинди.

Text to speech