Ҳокимлик соатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда вилоятда жиноятчилик ҳолати танқидий муҳокама қилинди
Бугун, Бухоро вилояти ҳокими бошчилигида видеоконференцалоқа тизими ёрдамида ўтказилган мазкур муҳокама йиғилишида, вилоят студиясидан барча ҳуқуқ-тартибот органларининг раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ёрдамчилари, маслаҳатчилари, гуруҳ раҳбарлари, вилоят ташкилотлари ва идоралари раҳбарлари қатнашган бўлса, ҳудудий студиялардан, шаҳар ва туман ҳокимлари, прокурорлар, ички ишлар бўлимлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий органлари бошлиқлари, ҳоким ўринбосарлари, ташкилот ва бошқармаларининг туман (шаҳар) лардаги бўлим бошлиқлари, олий таълим муассасалари ҳамда техникум раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар қатнашдилар.
Бундан ташқари 544 та “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда умумтаълим мактабларининг директорлари ўзларининг маҳалла биноларидан иштирок этишди.
Ҳокимлик соатида Президентимизнинг 2025 йил 3 январь кунидаги ПҚ-1-сонли “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган вилоятда биринчи чоракка мўлжалланган чора-тадбирларнинг йўл харитаси ижроси, бунда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар, мавжуд муаммолар ва галдаги вазифалар бирма-бир муҳокама қилинди.
Муҳокама йиғилишида сўзга чиққан Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳудудида жорий йилнинг 3 ой 20 кунида қайд этилган жиноятчилик аҳволи тўғрисида батафсил маълумот бериб, бунда асосий эътиборни олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар, айниқса, оила турмуш муносабатларида содир этилаётган ҳамда оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, бундан ташқари кўча ва жамоат жойларида, хусусан корхона, ташкилот ва муассасалар ҳудудларида кўплаб содир этилаётган безорилик, ўғрилик, фирибгарликлар, шунингдек, кибер жиноятчилик ҳамда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларга қаратиб, йўл транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабабларини атрофлича таҳлил қилиб берди.
Бундан ташқари, вояга етмаганлар, ёшлар ҳамда хотин-қизлар ўртасидаги жиноятчилик ҳам танқидий таҳлил қилиниб, мактаб ўқувчилари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг талабалари ва хотин қизларимиз томонидан содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт-шароитлар, бу жараёнда ушбу йиғилишда иштирок этаётган масъул мансабдорларнинг йўл қўйиб келаётган тизимли камчиликлари, улар зиммасидаги айнан қайси вазифаларнинг лозим даражада бажарилмаётгани ҳам қаттиқ танқид қилинди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 5 март куни муҳтарам президентимиз ҳузурида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида Бухоро вилоятини коррупция ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида “Бухоро тажрибаси”ни яратиш, кейинчалик эса ушбу ижобий тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш назарда тутилган.
Шу боис, барча мутасаддилар биринчи галда, ўз меҳнат жамоасини, қолаверса, жавобгарлик ҳудудини коррупция ҳамда жиноятчиликдан холи қилишга масъул экани яна бир бор таъкидланди.
Муҳокама якунида ПҚ-1-сонли Қарорда белгилаб берилган вазифаларни бекаму-кўст ижро қилиш, вилоятда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ишлаб чиқилган йўл харитаси бандларининг бажарилишини таъминлашга доир топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.