7 Январ 2023 йил 716

Олот чегара божхона пости орқали «Марихуана» гиёҳвандлик воситасини контрабанда йўли билан олиб киришга уринган чет эл фуқароси ушланди

2023 йил 3 январь куни Бухоро вилояти божхона бошқармасининг "Олот чегара божхона пости" ходимлари томонидан постнинг автотранспорт воситаларини назоратдан ўтказиш жойи орқали «Туркия–Ўзбекистон» йўналишида ҳаракатланиб кириб келган, Туркия фуқароси бошқарувидаги «Мереседес-Бенс» русумли юк автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, мазкур автотранспорт воситаси кабинасининг ҳайдовчи томон оёқлари остидаги гилам тагида оқ қоғозга ўралган тамаки маҳсулоти билан аралаштирилган гиёҳвандлик ўсимлиги хашагига ўхшаш модда бўлаклари борлиги аниқланиб, текшириб кўриш мақсадида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Бухоро вилоят ИИБ Эксперт криминалистика марказининг судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра автомашина кабинасидан олинган оқ қоғозга ўралган тамаки маҳсулоти билан аралаш ҳолда бўлган модда «Марихуана» гиёҳвандлик воситаси бўлиб, соф вазни 0.26 грамм эканлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech