26 Июл 2024 йил 1614

Олот туманининг уюшмаган ёшлари ўртасида "Спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар бошқармаси бошлиғи кубоги" мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг“Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг тегишли буйруғига асосан Олот туманида истиқомат қилиб келаётган уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг «Волейбол» тури бўйича бошқарма бошлиғи кубоги мусобақаси ўтказилди.

Ушбу мусобақани ўтказишдан асосий мақсад, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ўзаро дўстона муносабат ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, шунингдек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришдан иборат.

Бугунги кунда давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳам айнан оммавий спорт ўйинларини ривожлантириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдир.

Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутиб, бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади ва барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Юртимизда “Волейбол” спорт турини ривожлантириш ва ёшлар ўртасида кенг  оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Волейбол Федерациясига ички ишлар вазирининг раҳбар этиб тайинланиши, ушбу соҳа ривожи учун дадил қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

Олот туманида ўтказилган ушбу мусобақа кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлиб, якуний натижаларга кўра фахрли 3-ўринни “Бўрибек чандир” маҳалласи, 2-ўринни “Ғанчи чандир” маҳалласи ёшлари эгаллаган бўлса, шоҳсупанинг энг баланд поғонасини “Бўстон” маҳалласи ёшлари қўлга киритди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Акбар Икромов томонидан махсус кубок билан тақдирланди.

Text to speech