Қоракўл туманида криминоген вазияти оғир маҳалла жиноятчилиги жойида муҳокама этилди
Маълумки, бугунги кунда ҳудудларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича маҳалларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида низоли оилаларда оилавий қадриятларни тиклаш, мавжуд низоларни қонуний ҳал этиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича “маҳаллабай” тарзида ишлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли бартараф этиш борасида ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари янада кучайтирилмоқда.
Шу ўринда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси мутасадди раҳбарлари томонидан ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчилик ҳолати жойида муҳокама қилиб борилмоқда.
Жумладан, бугун, 22 октябрь куни жиноятчиликнинг навбатдаги «маҳаллабай» муҳокамаси вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев бошчилигидаги масъуллар ва маҳалла мутасаддилари иштирокида Қоракўл тумани «Човли» маҳалласида ўтказилди.
Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган бўлиб «яшил маҳалла» сирасига кириб, ҳозирда 1 та оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят содир этилиши маҳалланинг сариқ тоифага киришига сабаб бўлди.
Муҳокамада маҳаллада содир этилган жиноятнинг сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг ҳисоботлари тингланди.
Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида, «хонадонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, ҳудудий ИИБнинг тажрибали ходимларидан иборат йиғма отряд фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.