11 Май 2023 йил 528

"Орият" махсус тезкор профилактик тадбирлари давомида фоҳишахона сақлаш билан шуғулланган бир нечта фуқаролар фош этилди

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида Фармойиши асосида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида аҳоли ўртасида турли юқумли касалликлар, хусусан тери таносил, ОИВ ҳамда ОИТС касалликларининг тарқалиши, шунингдек, ахлоқ-одоб доирасидаги жиноятларни барвақт олдини олиш, содир этилганларини иссиқ изида фош этиш ҳамда бу соҳадаги жиноятларга қарши кескин курашиш мақсадида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда "Орият" махсус тезкор профилактик тадбирлари ҳаракатга келтирилган.

«Бухоро вилояти ҳудудида фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни олдини олиш ва унга қарши курашиш» борасида ўтказилган навбатдаги махсус тезкор профилактик тадбирлари давомида фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ бир нечта жиноий ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, 2023 йил 21 апрель куни тахминан соат 15-00 ларда  Олот тумани "Дилкор" маҳалласида яшовчи 1953 йилда туғилган Ж.И. ўз уйида моддий манфаат эвазига бир эркак ва аёлнинг жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бериб, фоҳишахона сақлаш жиноятини содир қилган.

Иккинчи ҳолатда эса 2023 йилнинг 5 май куни Когон туманининг "Нурафшон" маҳалласида яшовчи 1994 йилда туғилган  Н.А. исмли аёл ғаразли ва бошқа паст ниятларда жиноят содир қилиш йўлига ўтиб, бир фуқародан 150.000 сўм миқдоридаги пулларни олиб унинг жинсий алоқада бўлиши учун таниши Қ.М. исмли аёлни топиб бериб, уларга шароит яратиб бериб фоҳишахона ташкил қилиш жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 131-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech