1 Август 2023 йил 514

“Отанг бозор, онанг бозор”: Онлайн “ҳамёнбоп” савдоларга алданиб қолманг!

Номаълум шахс ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида 2022 йилнинг 30 октябрь куни ўзининг “Samsung А-23” русумли уяли алоқа телефонидаги “Beeline” алоқа компаниясига тегишли рақамидан очилган “Telegram” мессенжерида “Арзон Пекин товарлар” номли “гуруҳ” яратиб, фуқароларни алдаб, уларнинг пулларини қўлга киритиш мақсад қилган.

Хусусан, жорий йилнинг 18 февраль куни Олот туманида яшовчи бир аёлга Хитой давлатидан арзон нархда кийим-кечак келтириб беришни ваъда қилиб, ундан 202.000 сўм миқдоридаги пулларини “Paynet” иловаси орқали ўзи фойдаланиб келаётган АТБ “Агробанк” томонидан берилган пластик картага ўтказиб олишга эришган. Қўлга киритган ушбу пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Бурқут” маҳалласида яшовчи, 2002 йилда туғилган Қ.Р. исмли қиз содир қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Қ.Р. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ушбу шахснинг бутун республикамиз бўйлаб содир этилган ва фош этилмасдан қолаётган худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech