Ўзаро ҳамкорлик – иш самарадорлигининг асоси
Жорий йилнинг 22 декабрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида ички ишлар органларида хизмат қилиб келаётган аёл ходималар иштирокида бошқа давлат идора ва ташкилотлари билан ҳамкорликда самарали иш олиб боришни йўлга қўйишга қаратилган навбатдаги йиғилиш ўтказилди.
Бунда, вилоят Ички ишлар органларида хизмат қилаётган 70 га яқин аёл ходималар, ички ишлар ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармалари масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Сенат аъзолари иштирок этди.
Учрашувни вилоят ИИБ Маънавий маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари – вилоят ИИБ Хотин-қизлар кенгаши раиси подполковник Шахноза Сафарова очиб бериб, дастлаб, ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган ходималарининг турли давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишлари, ютуқ ва камчиликлар юзасидан сўз юритди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро минтақавий вакили, профессор Абера Хусейнова томонидан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон фуқароларига йўллаган мурожаатномасида билдирилган фикр-мулоҳазалар бирма-бир тушунтирилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Феруза Ибрагимова сўз олиб, “Бухоро вилояти ИИБ ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасининг ҳамкорликдаги ишлари, ютуқ ва камчиликлари санаб ўтилди.
Якунда Бухоро Муҳандислик технология институти Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, фалсафа фанлари доктори, профессор Гуландом Юнусова ҳам сўз олиб, “Оила — муқаддас қўрғон”, “Ҳаё иймондандир” ва “Аёл латофати, нафосати, ибо-ҳаёси ва меҳр-муҳаббати билан дунё бўлиб яралгандир” каби мавзуларда маърузалар қилди.