24 Феврал 2023 йил 4022

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Бухоро вилоятида ички ишлар органларининг хизмат фаолиятига оид тезкор йиғилиш ўтказилди

Бугун, 24 февраль куни ўтказилган мазкур тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳамда шаҳар-туман сектор раҳбарлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тезкор йиғилиш давомида Бухоро вилоятида ўтган ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши курашиш масалалари ҳамда жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси муҳокама этилди.

Шунингдек, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, «Хавфсиз ва равон йўл» дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, шахсий таркиб томонидан хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ҳар бир туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва мазкур ҳудудларга бириктирилган вилоят ИИБ раҳбар ходимлари томонидан маҳаллаларни жиноятлардан ҳоли ҳудудларга айлантириш, аҳолини рози қилиш, уларнинг мурожаатлари ечимига эътибор қаратиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Йиғилишда ташкилий масалалар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан полковник Алиев Шухрат Ҳасановичнинг Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганлиги эълон қилинди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига Миралимов Миржамол Юлдашевич тайинланди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Комилович Зарипов Ички ишлар вазирлигининг "Ички ишлар органларига кўмаги учун" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа фахрийлари ва мутахассислар сўзга чиқиб, таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирдилар.

Янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига аниқ топшириқлар берилди.

Text to speech