Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Афв» Фармонига асосан 21 нафар озод этилган бухороликларнинг муаммолари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий 2022 йилнинг 7 декабрь кунидаги «Афв» фармонига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 13 нафар Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда 8 нафар ҳудудий Ички ишлар органларининг Пробация хизмати назорати остида турган бухоролик маҳкумлар ҳам жазодан озод этилди.
Ушбу шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тегишли ташкилотлар томонидан зарурий чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, бугун 15 декабрь куни Бухоро вилояти сектор раҳбарлари ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар иштирокида вилоят 3-сектор штаби биносида афв этилган фуқаролар билан учрашиб, уларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш ҳамда бошқа мавжуд муаммоларини ҳал этиш борасида юзма-юз мулоқот қилдилар.
Учрашув давомида уларнинг келгусидаги мақсад ва режалари ўрганилиб, билдирган муаммоли масалалари бўйича чора-тадбирлар белгиланди ва мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилди.