“Пайшанба — Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида бошқарма бошлиғи ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ғиждувон туманида навбатдаги профилактик тарғибот тадбирларини олиб борди
Бухоро вилояти ИИБ масъуллари томонидан ҳудудларда ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида бир қатор профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугун 11-май куни “Пайшанба — Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан вилоят ИИБ ЖХХ масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 3-сектор ҳудудига қарашли Ғиждувон туманида қатор мутасаддилар иштирокида навбатдаги профилактик учрашувлар ташкил этилди.
Шу куни туманнинг 1 ва 60-сонли умумий ўрта таълим мактабларида таълим масканлари раҳбарлари, уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари — ЖХХ бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев томонидан ёшлар, айниқса вояга етмаганлар ўртасидаги кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, шунингдек улар иштирокида ўғрилик, фирибгарлик каби салбий иллатларнинг илдиз отишини олдини олишда маҳалла фаолларининг роли муҳимлиги ҳамда бу борада тегишли чора-тадбирларни узвий ҳамкорликда амалга ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, туман тиббиёт техникумида ҳам соҳа вакиллари иштирокида профилактик тарғибот учрашуви ўтказилди.
Учрашувларда ёшлар, айниқса вояга етмаганлар иштирокида содир этилган бир қатор салбий ҳолатлар тафсилотлари бирма-бир баён қилиниб, қонунбузарликларнинг оғир оқибатлари тушунтирилди.
Тарғибот-ташвиқот тадбирларида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.