Пешку туманида содир бўлган "қасддан баданга оғир шикаст етказиш” жинояти, ушбу жиноят содир этилган "Янгибозор" маҳалласида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Гап шундаки, жорий йилнинг 2 март куни 20:00 ларда, Пешку тумани Янгибозор маҳалласида яшовчи 1981 йилда туғилган Б.А. ўз хонадонида турмуш ўртоғи 1984 йилда туғилган С.Д. билан ўрталарида келиб чиққан келишмовчилик натижасида жанжаллашиб қолиб, турмуш ўртоғининг қорин соҳасига ошхона пичоғи билан қасддан уриб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилган.
Ҳодисада жабрланган С.Д.га зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам марказида кечиктириб бўлмас муолажалар қилинган ва ҳозирги кунда даволаш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 31 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ЖХХ бошлиғи подполковник Жонибек Болтаев туман ички ишлар бўлими бошлиғи ва бошқа тааллуқли идоралар мутасаддилари иштирокида, "Янгибозор" маҳалласи бешлик вакиллари, ушбу маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда мазкур оғир жиноятни жойига бориб муҳокама қилди.
Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, ушбу маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, профилактик тадбирлар жойига чиқиб ўрганилиб, муҳокама жараёнида маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторининг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижадорлиги юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Муҳокама якунида ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирлар белгилаш, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” иш тартибини янада жадаллаштириш, бунда аниқ йўналишларни белгилаб олган ҳолда ишлаш лозимлиги, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими бўйича кенг кўламли профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш борасида сектор раҳбари, тааллуқли идоралар ҳамда маҳалла масъулларига аниқ ва манзилли топшириқлар бериб, бунда жамоатчилик билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, айниқса маҳалла фаолларини кенг жалб этиш лозимлиги таъкидланди.