Пешкуда икки йил муқаддам содир этилган қорамол ўғирлиги фош этилди
Пешку тумани Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, номаълум шахс 2021 йилнинг 30 май куни соат тахминан 20:00 дан 23:00 гача бўлган вақт оралиғида, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида туманнинг “Хўлбор” маҳалласида яшовчи Й.Й. нинг яшаш уйидаги молхонанинг орқа томонида жойлашган дала майдонида қаровсиз қолдирилган баҳоси 5.500.000 сўмлик бир бош қорамолини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлсада, жиноятни фош этиш бўйича бирор бир ижобий натижага эришилмаган.
Аммо қилни қир ёрувчи ходимларимиз томонидан жиноят иши қайта тикланиб, олиб борилган қўшимча суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Когон тумани “Хўжаякшаба” маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган А.М. исмли шахс содир қилганлиги аниқланди.
Бугунги кунда гумон қилинувчининг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.