Пешкуда кўчмас мулк савдосига оид яна бир йирик фирибгарлик ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Пешку тумани ИИБ берган маълумотга кўра, “DEDEMAN” МЧЖ томонидан 23 нафар фуқарога кўп қаватли уй-жойнинг 1-қаватидаги савдо дўконлари кв. метрини 4 млн 600 минг сўмдан ҳисоблаб майдони 995.53 кв. метр бўлган савдо дўконларини жами 4 млрд. 480 млн. сўмга сотиб, фуқаролардан пул маблағаларини нақд кўринишида тўлиқ олган бўлсада, ушбу фуқароларга савдо дўконлари ва яшаш хонадонларини тегишли тартибда расмийлаштириб бермасдан, МЧЖ мансабдор шахслари томонидан ушбу кўп қаватли уй-жойнинг 1-қаватида жойлашган фойдали майдони 995.53 кв.метр бўлган 23 та савдо дўконини “Azia Alians Bank” АТБ Бухоро филиалига гаров таъминоти сифатида қўйиб, жами 1 млрд 300 млн. сўм кредит маблағлари олинган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги 648-сонли қарорига зид равишда, ушбу кўп қаватли уй-жойнинг ер тўласидан вақтинча фойдаланиш тартибига риоя қилинмасдан, МЧЖ мансабдор шахслари томонидан фуқароларни алдаб, уларнинг номларига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, ҳар бир кв.метрини 3 млн. 600 минг сўмдан сотиш бўйича шартнома тузилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республика Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.