Пробация хизмати назорат остидаги шахслар билан учрашув ўтказилди
Мамлакатимизда инсонпарварлик тамойили энг олий ўринда тургани боис шахсни жамиятдан ажратмасдан тарбиялаш чораси кўрилмоқда.
Натижада ушбу имкониятни тўғри тушунган назоратдаги шахслар жазони тартиб-интизом билан ўтаб, намунали хулқи билан муддатидан олдин жазодан озод бўлмоқда. Бироқ, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмай тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган шахслар ҳам йўқ эмас.
Биргина, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ Пробация бўлинмаси ҳисобида жорий йилнинг ўтган даврида бир ярим минг нафардан ортиқ шахслар билан назорат ишлари амалга оширилган бўлиб, улар орасида берилган имкониятдан фойдаланиб, тузалиш йўлига ўтган 203 нафар маҳкумлар ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинган. Улардан 29 нафарини аёллар, 72 нафарини ёшлар ва 9 нафарини эса вояга етмаганлар ташкил этади.
Яратилган имкониятлардан ўзига тўғри хулоса чиқариш ўрнига жазо ўташдан бўйин товлагани учун 52 нафарининг жазоси суд ҳукми билан оғирроғига алмаштирилган.
Шу ўринда, назоратда турган шахслар билан мунтазам профилактик ишлар олиб борилишига қарамасдан, 16 нафари томонидан қайта жиноят содир этилган. Бу эса пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этади.
Шу мақсадда вилоят ИИБ ЖХХ Пробация бўлими бошлиғи майор Бахтиёр Худойбердиев томонидан Бухоро шаҳар ИИО ФМБ пробация бўлинмаси ҳисобида турган назорат остидаги шахслар билан навбатдаги профилактик учрашув ўтказилди.
Унда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларни тўғри ҳаётга қайтариш, содир этган жинояти учун чин кўнгилдан пушаймонлик ҳиссини уйғотиш, уларни касбга ўргатиш, ўқитиш ва иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жамиятимизда жиноий қилмиш содир этган шахсларнинг қайта ижтимоийлашувини таъминлаш, соғлом ҳаётга қайтиш ва адашган йўлини тузатиш бўйича берилган имкониятлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.