Профилактика инспекторлари билан учрашувлар давом этмоқда
Хабар берганимиздек, шу кунларда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида белгилаб берган вазифаларнинг ижросини вилоятда самарали ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, бу борада келгусида амалга ошириладиган вазифаларни белгилаш мақсадида ҳудудларда профилактика инспекторлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Жондор туманининг 52 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги профилактика инспекторлари иштирокида бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими профилактика инпекторларининг шахсий ҳаёти, шунингдек, хизмат олиб бораётган ҳудудларидаги муаммо ва таклифларини бирма-бир тинглади. Ҳар бир мурожаатнинг ижроси юзасидан мутасадди ташкилотлар масъул раҳбарларига кўрсатмалар бериб, ижросини алоҳида назоратга олди.
Шу билан бирга профилактика инспекторлари олдида турган энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди. Жумладан, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллаларда тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди. Жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борадаги фаолият танқидий таҳлил этилди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш, ёшлар тарбиясида маҳалланинг ролини ошириш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, экстремизм ва терроризм, одам савдосига қарши ҳушёрликни ошириш сингари долзарб масалалар хусусида атрофлича тўхталди.
Худди шундай учрашув Қоракўл туманидаги маданият марказида ҳамда Олот туман ҳокимлигида ташкил этилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув давомида профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти ва иш самарадорлигини оширишга оид таелифлари тингланди. Шунингдек, қонунбузарликларнинг сабаб ва омилларига эътибор қаратилиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашга янгича ёндашиш, профилактика инспекторларининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ушбу туманлар ҳокимлари ва ИИБ бошлиқлари ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этган учрашувларда тартиб-интизом, қонунларга ҳурмат, аҳолининг осойишталиги, энг аввало, маҳаллада тўғри йўлга қўйилиши зарурлиги таъкидланди. Жиноятчиликни маҳаллаларда жиловлаш, профилактика инспекторининг ишини енгиллаштириш билан бирга натижадорлигини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борада айрим ҳудудлардаги профилактика инспекторларининг фаолияти танқидий кўриб чиқилди ҳамда профилактика инспекторларининг билимини ошириш бўйича раҳбар ходимларга тегишли топшириқлар берилди.
Мулоқотларда туманлар бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар алоҳида кўрсатиб ўтилди. Уларда вазиятни яхшилаш юзасидан аниқ ва манзилли кўрсатмалар белгилаб берилди.
Учрашувлар давомида профилактика инспекторларининг шахсий ҳаёти ва фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича ҳам чора-тадбирлар белгиланди.