Психотроп моддалар тарқалишининг олди олинди.
Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш мақсадида бир қатор тезкор ҳамда профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ғиждувон туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида олинган тезкор хабар асосида “Сано Камол Мед Фарм” МЧЖга қарашли дорихона сотувчиси 6 дона оқ қизил рангли капсулани бошқа бир фуқарога жами 350.000 сўмга сотган вақтда ушланган. Шунингдан сўнг дорихона кўздан кечирилганда сифат сертификатига эга бўлмаган, савдода бўлган жами 99 дона оқ қизил рангли капсулалар, 200 дона “Фенибут 250 мг”, 357 дона “Габатен 300 мг”, 170 дона “Карбамазапин 200 мг”, 30 дона “Мезакар 200 мг”, 15 дона “Мезакар 400 мг” номли жами 871 дона дори воситалари ҳамда 232 дона елим пакетларга солинган «Маргансовка» кукуни ашёвий далил сифатида олинган.
X.Sulaymonova номидаги Республика суд экспертизаси марказининг хулосасига кўра оқ қизил рангли 99 дона капсулаларнинг таркибида «Прегабалин» мавжуд бўлиб, у кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 251/1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.