20 Май 2023 йил 566

“Қорадори-2023” кенг кўламли тезкор тадбирлари давомида Бухорода бир кунда тўртта ҳолатда гиёҳвандлик воситаларини экиб етиштириш билан боғлиқ жиноятлар фош этилди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг алоҳида кўрсатмаси асосида жорий йилнинг 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида «Қорадори-2023» кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирларининг биринчи босқичи ҳаракатга келтирилган.

Ушбу кўрсатмага мувофиқ Бухоро вилоятида ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор тезкор суриштирув ҳамда комплекс профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бухоро вилоятига кириш-чиқиш ҳамда туманлараро чегара масканларида алоҳида кузатув постлари ташкил этилиб, гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг республикамиз, вилоятимиз ва маҳаллаларга кириб келиши, қонунга хилоф равишда экиб парваришлаш, тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни фош этиш юзасидан қатор тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Ушбу тадбирлар доирасида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.

Жумладан, Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан, Бухоро шаҳри ҳудудида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида, ХНосирий кўчасида яшовчи, 1957 йилда туғилган К.Н. яшаш уйи ҳовлисидаги гулзорда 4 туп «Каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини экиб, парвариш қилинаётганлиги;

иккинчи ҳолат: Жондор тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг «Ойтўғди» маҳалласида яшовчи, 1964 йилда туғилган т.О.нинг яшаш ҳовлиси кўздан кечирилганида томарқа ерида 66 туп «Кўкнор» ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб етиштираётганлиги;

учинчи ҳолат: Бухоро тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг “Қавола Маҳмуд” маҳалласида яшовчи, 1969 йилда туғилган А.Хнинг яшаш хонадони томорқа ерида 16 туп «кўкнор» ўсимлигини экиб парваришлаётганлиги;

тўртинчи ҳолат: Вобкент тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг «Шифокор» маҳалласида истиқомат килувчи, 1972 йилда туғилган С.Т.нинг ҳовлиси кўздан кечирилганда, томорқа ерида 6 туп «Каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.

Мазкур тўрттала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 270-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech