“Қорадори-2023” кенг кўламли тезкор тадбирлари давомида Бухорода тўртта ҳолатда гиёҳвандлик воситаларини экиб етиштириш билан боғлиқ жиноятлар фош этилди.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг алоҳида кўрсатмаси асосида жорий йилнинг 1 май кунидан 30 июнь кунига қадар республикамизнинг барча ҳудудларида «Қорадори-2023» кенг кўламли тезкор ҳамда профилактик тадбирларининг биринчи босқичи ҳаракатга келтирилган.
Ушбу кўрсатмага мувофиқ Бухоро вилоятида ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор тезкор суриштирув ҳамда комплекс профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бухоро вилоятига кириш-чиқиш ҳамда туманлараро чегара масканларида алоҳида кузатув постлари ташкил этилиб, гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг республикамиз, вилоятимиз ва маҳаллаларга кириб келиши, қонунга хилоф равишда экиб парваришлаш, тайёрлаш ва сотиш билан боғлиқ жиноий ҳолатларни фош этиш юзасидан қатор тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.
Жумладан, Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида, туманнинг "Кўлижаббор" маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган А.Т.нинг хонадони ва ёрдамчи хўжалигидаги экин ерлари кўздан кечирилганда, томорқасида 1 туп «Каннабис» ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётганлиги;
иккинчи ҳолатда, Қоракўл тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг "Янгибозор" маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган А.Г.нинг томорқаси кўздан кечирилганда, 6 туп “Каннабис” ўсимлигини етиштираётганлиги;
учинчи ва тўртинчи ҳолатларда, Бухоро тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида туманнинг "Қавола Маҳмуд" маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган Д.Ҳ. яшаш хонадонининг томорқа ерида 18 туп «Каннабис» ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги, шунингдек, яна худди шу туманнинг "Шергирон" маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Х.С. нинг томорқа ерида ҳам 18 туп «Каннабис» ўсимлиги экилиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.
Мазкур тўрттала ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 270-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.