Қоракўл туманида ҳам “хонадонбай” ўрганишлар олиб борилмоқда
Қоракўл тумани ИИБ бошлиғи бошчилигидаги мутасаддилар иштирокида 3-сектор ҳудудига қарашли “Жиғачи”, “Янгиқалъа” ва “Янгибозор” маҳаллаларида аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик аҳволи жойида ўрганилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга турли ёрдамлар кўрсатилди.
Жумладан, 5 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш, 2 нафар фуқаронинг уй-жой таъмири учун қурилиш материаллари ажратилиши, 4 нафар фуқаронинг кўмир маҳсулотига эҳтиёжи борлигига доир мурожаатлари ҳамда маҳалла ҳудудидаги таъмирталаб ҳолга келган кўприк қурилиши билан боғлиқ масалаларнинг ижроси юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шу куннинг ўзида ҳудуд аҳолисига қўшимча равишда кўмир маҳсулоти етказиб берилиб, уй-жой таъмири масаласида 9 млн сўмлик қурилиш материаллари олиш учун туман ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилиб, кўприк таъмири учун махсус техника воситалари жалб қилинган ҳолда ҳашар йўли билан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Туман ҳудудида фуқаролар муаммолари “хонадонбай” тизими асосида жойида ўрганилиб, зудлик билан тезкор штабга маълумотлар тақдим қилиниб, ижроси алоҳида назоратга олинмоқда.