7 Июн 2023 йил 415

Қоракўллик шахс 3 нафар фуқаронинг етти бош қорамоллари пулини бўлиб бўлиб тўлашга ваъда қилиб, уларни чув туширди

Олот тумани Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2023 йилнинг 28 январ куни Қоракўл тумани “Дарғали” маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган Т.А. исмли шахс Олот тумани “Арабхона” маҳалласида яшовчи бир фуқародан умумий баҳоси 45 млн. сўм бўлган 4 бош қорамолининг пулини бир ой муддатда беришни ваъда қилган ҳолда сотиб олиб, 14 млн. 480 минг сўмини бериб, қолган 31 млн. 200 минг сўмини бермасдан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Шунингдек, у жиноий ҳатти-ҳаракатларини давом эттириб, жорий йилнинг 3 март куни Олотнинг “Пичоқчи” маҳалласида яшовчи яна бир фуқародан умумий баҳоси 21 млн. сўмлик 2 бош қорамолларининг пулини 15 кун ичида беришни ваъда қилган ҳолда сотиб олиб, 7 млн. сўмини берган ва қолган 13 млн. 700 минг сўмини қайтармасдан келган.

Бундан ташқари у осон бойлик орттириш мақсадида яна жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Олот тумани “Баёт” маҳалласида яшовчи бошқа бир фуқаронинг умумий баҳоси 14 млн. сўмлик 1 бош қорамолини ҳам олиб, 10 кун ичида ҳисоб китоб қилишга келишиб, ҳозирги кунга қадар ушбу пулларни бермасдан, фирибгарлик қилиб келган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман ИИБ томонидан фуқаро Т.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда ушбу шахснинг бошқа худди шу каби яна неча нафар фуқароларни чув туширганлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech