6 Июн 2023 йил 471

Қоровулбозорда она ва қизларини чув туширган кибержиноятчи фош этилди

Қоровулбозор тумани ИИБ томонидан берилган маълумотга кўра, номаълум шахс 2021 йилнинг июнь ойида Қоровулбозор тумани ”Чўлқувар” маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган А.М. га, ”Инстаграмм” ижтимоий тармоғида дизайнер “Шаҳзода Муҳаммедова” номидан очилган қалбаки аккаунт орқали “Сиз ўйинда иштирок этиб 2 млн. сўм пул ютуғига эга бўлдингиз, мазкур пулни олиш учун пластик карточка код рақамларини СМС орқали юборсангиз, ютуқни картангизга ташлаб берамиз дея” ваъда қилиб, фуқаро А.М., унинг онаси А.Г., ва опаси А.М. ларга тегишли пластик карта рақамлари ва кодларини СМС ёзишмалар орқали олишга эришиб, ушбу 3 та пластик картадан, жами 1.180.000 сўм пулларни алдов йўли билан қўлга киритган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ўша вақтда жиноятни фош этиш имкони бўлмаганлиги учун ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган эди.

Аммо, бугунги кунга келиб ички ишлар органларида янги технологияларнинг жорий этилиши сабаб, жиноят иши қайта тикланиб, қўшимча равишда олиб борилган тезкор техник ҳамда тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Тошкент вилояти Охангарон тумани ”Гўшсой” маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган Т.Ж. содир қилганлиги фош қилинди.

Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech