28 Май 2025 йил 862

Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятида аҳоли мурожаатлари ечимига доир оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда

Жамиятда инсон манфаатларини устувор деб билиш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида ҳамда самарали жавоб қайтаришни таъминлаш мақсадида Республика ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган график асосида Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида оммавий сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 26 майидан 30 майига қадар ўтказилиши режалаштирилган мазкур тадбирларнинг навбатдагиси 28 май куни Вобкент туманида жойлашган "Порлоқ келажак" болалар ёзги оромгоҳида бўлиб ўтди.

Қабулда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳам иштирок этиб, Вобкент, Ғиждувон ва Шофиркон туманларидан келган 20 дан ортиқ фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳаси ва ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо беришни талаб этувчи масалалар юзасидан тегишли соҳавий хизмат масъулларига аниқ вазифалар юклатилиб, алоҳида назоратга олинди.

Аҳоли билан доимий мулоқотни таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалий рўёбга чиқариш, жойлардаги муаммоларни тезкор ҳал этиш — ушбу сайёр қабулларнинг устувор йўналишларидан биридир.

Эслатиб ўтамиз, сайёр қабуллар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ташкил этилади.

Text to speech