Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги сайёр қабуллари: аҳоли мурожаатларига самарали ечим бўлмоқда
Бухоро вилоятида Республика ишчи гуруҳи томонидан ташкил этилган сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларга самарали ечим топишда муҳим платформа вазифасини ўтамоқда.
Жорий йил 29 май куни шундай қабулларнинг навбатдагиси Қоракўл туманидаги «Acharya» Университети биносида бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси масъуллари ҳам иштирок этиб, фуқаролар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишди.
Қабул жараёнида Қоракўл, Олот ва Жондор туманлари аҳолиси ҳамда аввалги сайёр қабулларда қатнашиш имконига эга бўлмаган бошқа туманлардан келган фуқаролар ҳам ўз мурожаатлари билан чиқишди.
Мурожаатлар турли соҳаларга — иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий низолар, ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ шикоятлар ва бошқа муаммоларга оид бўлди.
Ҳар бир мурожаат масъуллар томонидан диққат билан эшитилиб, айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Батафсил ўрганишни талаб этувчи ҳолатлар бўйича эса тегишли мутасаддиларга вазифалар юклатилиб, аниқ муддат ва ижрочилар белгиланди.
Қабул жараёнида фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, уларнинг мурожаатлари расмий рўйхатга олиниб, назоратга олинди. Мазкур мулоқотлар аҳоли ва давлат органлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга, фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабуллар орқали муаммоларнинг маҳаллий даражада ҳал қилинишига эришилмоқда. Бу эса нафақат одамлар ҳаётини енгиллаштириш, балки давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишга ҳам ҳисса қўшмоқда.