Республика ишчи гуруҳи Бухоро вилоятидаги ўрганиш ишларини якунлади
Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб борди.
Ишчи гуруҳ вакиллари вилоятнинг барча туман-шаҳарларида бўлиб, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифалар ижроси, барча турдаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, «Хавфсиз ва равон йўл» дастури доирасида амалга оширилган ишлар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишларни таҳлил қилди.
Хусусан, ички ишлар вазири ўрганишлар давомида Қоровулбозор тумани “Имом Бухорий” МФЙ ва туман ИИБ 539-сон ҳуқуқ-тартибот маскани биносида ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Шу ернинг ўзида, сектор раҳбарларининг жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш ва аҳоли муаммолари билан тизимли ишлашдаги фаолияти ўрганилди. Туман ИИБ бошлиғи ва ўринбосарларининг ишга бўлган масъулияти, жиноятчиликни жиловлашдаги ташаббускорлиги таҳлил қилинди.
Шунингдек, маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди.
Қоровулбозор тумани “Бухоро Агро Кластер” МЧЖ томонидан лалмикор ер майдонида экилган пахта даласида томчилатиб суғориш амалиёти ўрганилди.
Шундан сўнг, вилоят, туман, шаҳар ИИБ раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирокида ўрганишларнинг амалий натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Президентимиз томонидан 2021 йил 12 февраль куни ИИВ Ҳайъатининг кенгайтирилган мажлисида берилган топшириқлар, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифалар, 2022 йил 11 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлигига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Бухоро вилоятида Республикада биринчилардан бўлиб ЙҲХБ эксплуатация-монтаж бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилганлиги, соҳа фаолиятига алоқадор техникалардан тортиб, ходимларга яратилган шароитлар ижобий баҳоланди.
Содир этилаётган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш мақсадида ҳар бир туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва мазкур ҳудудларга бириктирилган вилоят ИИБ раҳбар ходимлари томонидан жойлардаги вазиятнинг чуқур таҳлили асосида, жиноятчиликни жиловлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Ички ишлар вазири томонидан, вилоятнинг шаҳар-туманларида жиноятлар муҳокамаси борасидаги йўл қўйилаётган камчиликлар танқид қилиниб, қисқа муддат ичида бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Хизмати фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган раҳбарларнинг бир гуруҳи интизомий жазога тортилди.
Ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашган, намунали хизмат қилиб ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ходимлар турли даражадаги мукофотлар билан тақдирланди.